Янги имом сайланди.
30.06.2015
Одоб билан мавъиза қилди. Ёш бўлишига қарамасдан элга манзур бўлди. Сўзлари равон, жумлалар фасоҳатли, фикрлари теран. Биринчи нутқидаёқ жамоат мамнун бўлиб дуо қилди. Жумъа намози ўқиб бўлингач ҳамма бирин кетин чиқа бошлади. Масжид ҳовлисида ҳодимлар билан бирга яна бир неча киши ёш имом билан сўрашиб қўйиш илинжида тўпланиб қолишди. Янги ҳизмат билан табриклаб, имомимизни ҳаққига дуо қилиб туришганида кўчадан бир киши кириб келди, имомга юзланиб:
-"Ассалому алайкум(ичида гапи тўлиб кетган шекилли алик олишга ҳам қўймасдан гапини давом эттирди) Мени уйим ана у"-деди масжидга бир девор уйни кўрсатиб:-"бугун мен мазза қилиб панду-насиҳатларингизни кўзларимда ёш билан тингладим. Сизга бир саволим бор. Мен ҳамр(у қўполроқ талаффуз қилди, уни ёзгим келмади) сотадиган дўконим бор. Бир неча йил бўлди, тирикчилигим шундан. Аллоҳ лаънатлаган деб эшитганман. Саволим шуки, менинг гуноҳларим кечириладими?"
Жамоатдан баъзи "ақлли" кишилар танбеҳ билан дакки бергилари, керак бўлса биқинига найза қилиб нуқигилари келиб тургани шундоққина сезилиб турганди.
-"Ваалайкум ассалом".
Овозлар тинди. Жамоат тинчланди. Имом давом этди:
-"Аллоҳ Таъоло Ғафур Зот эмасми? Бандаларига уларнинг ота-оналаридан кўра меҳрибонроқ, Арҳамур-Роҳимийн деб билмадикми? Карами кенглигига, мағфирати чексизлигига, бу дунёда муъмину кофирга раҳми келишига, фазли билан ҳоҳлаган бандаларининг гуноҳини кечиб юборишига иймон келтирмадикми? Гуноҳни қайтиб қилмасдан тавба қилса тавбаи-насуҳ ҳисобланиб, гуноҳлари кечирилишига ишончимиз йўқми?"...
Савол берувчига қараганимда кўзларидан ёш оқар, елкалари титрарди. Шу вақт имомни маҳкам қучоқлаб олди. Йиғларди... Бир оздан кейин ўзини тик тутиб:
-"Масжидимиз мустақиллик йиллари очилди, ҳурсанд бўлиб масжидга қадам қўйдим. Дарвозадан киряпганимда қўшним (фалончи) ака менга "Ҳа-а, ...жон! Ҳамрни сотиб-сотиб, гуноҳни қилиб-қилиб, энди намоз ўқиб ўзингизни поклайман деб ўйлаяпсизми? У ишни қилган одамни Аллоҳ лаънатлаганини биласизми?"-деганига саккиз йил бўлди. Мен қайтиб масжидга қадам қўймадим. Жамоатдан ўша мулзам бўлганим учун уялардим. Ҳам елкамдаги гуноҳларим кўплигига, энди шу аҳволда қолиб кетишимга кўниб бўлгандим. Бугун мен сизнинг жавобингиздан қаттиқ таъсирландим. Жамоат гувоҳ бўлсин. Мен ишимни ташладим. Дўконимни ёпаман. Бугундан бошлаб бирор намозимни қазо қилмайман"-деди.
Жамоатни кайфияти ўзгарган, ҳаммани кўзида ёш, бирин-кетин бағриларига босиб "муборак бўлсин" дейишарди...